Ватан – муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!


Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 27 йиллиги

ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида ўтказилган маънавий-маърифий тадбир ана шундай номланди.
Тадбирда ЎзМУда самарали фаолият кўрсатишган уруш ва меҳнат фахрийлари, профессор-ўқитувчилар, университет ҳарбий кафедраси ўқитувчи ва курсантлари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этдилар.





– Мамлакатимиз Қуролли Кучлари тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, “Ватанпарварлик ойлиги”да ўтказилган тадбирлар талаба-ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда ғоят муҳим аҳамият касб этди,– деди ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов тадбир иштирокчиларини шу қутлуғ сана билан муборакбод этиб.– Ватан – бу уйимиз, ота-онамиз, Ватанни ҳимоя қилиш фақат ҳарбийларнинг эмас, барчамизнинг муқаддас бурчимиздир. Касби-корига яраша кимдир эл осойишталигини, кимдир маънавиятни, кимдир иқтисодни, кимдир мафкурани, миллий қадриятларимизни ҳимоя қилиш учун курашади. Ҳаммамизнинг умумий муқаддас вазифамиз – она Ватанимизни, юртимиз мустақиллигини кўз қорачиғидек ҳимоя қилишдир! Бугун дунё мамлакатлари ҳарбий қудрати – армиянинг сони, қуроллар ҳажми билангина эмас, балки унинг замонавийлиги, ҳарбийлар салоҳияти ҳамда шу билан бир қаторда халқининг жипслиги ва ватанпарварлиги билан белгиланади. Шу ўринда университетимиз ҳарбий кафедрасида фаолият олиб бораётган устозлар хизматини алоҳида эҳтиром билан таъкидламоқчиман. Бу кафедрадан ҳар йили юзлаб зиёли йигитларимиз заҳирадаги офецер унвонига эга бўлиб камолга етмоқдалар.

Байрам муносабати билан ЎзМУ ректори буйруғига биноан ҳарбий кафедра аъзолари бир ойлик маошлари миқдорида пул мукофоти билан тақдирландилар.

ЎзМУ Ҳарбий кафедраси мудири, полковник Шавкат Ўринов устозлар, ҳарбий ходимлар ва курсантларни қутлуғ сана билан табриклаб, келгусида янада етук, билимли ватанпарвар ёшларни камол етказиш йўлида омадлар тилади.

– Ватанпарварлик ойлиги доирасида Ҳарбий кафедрамиз аъзолари Олмазор туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда қатор маънавий-маърифий тадбирлар ўтказди,– деди у.– Турли таълим муассасаларида, маҳаллаларда ўтказилган учрашувларда мамлакатимиз Қуролли Кучлари тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти кенг тарғиб қилинди. Ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини жўш урдиришга хизмат қиладиган дурдона китоблар совға қилинди.

Олмазор тумани ҳокимлиги томонидан ЎзМУ Ҳарбий кафедрасининг бир гуруҳ ўқитувчиларига қимматбаҳо совғалар, энг фаол курсантларга Фахрий ёрлиқлар топширилди.

Тадбирда “Жаҳон адабиёти” журнали Бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев дил сўзлари, шоирлар Башорат Отажонова ва Даврон Ражабнинг Ватан ҳимоячиларига бағишланган шеърлари барчада катта таассурот қолдирди.

Ҳарбий кафедра курсантларининг саҳнадаги “қўл жанги” спорти намойиши, ҳарбий оркестр ижросидаги мусиқий чиқишлар, истеъдодли талабаларнинг дилтортар қўшиқлари тадбирга ўзгача руҳ бағишлади.

 

Улуғбек Усмонов,

Шермуҳаммад ЭРНАЗАР,

ЎзМУ газетаси мухбирлари

Суратлар муаллифи Мақсуд БОБОЕВ


Асосий кўрсаткичлар
1200 Профессор-ўкитувчилар сони
10500 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
45 Ta’lim yo‘nalishlari