O'zMU » Yangiliklar » Улуғ ёшинг муборак, қадрдон университетим!

Эрта тонгда бошланган тантаналарни давом эттирган ҳолда тушдан сўнг Маданият саройи катта залида байрам дастури бўлиб ўтди. Тадбир дастурини очиб берар экан, университет ректори Ғофуржон Муҳамедов барчани яна бир бор Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг 97 йиллик юбилейи билан табриклади.

  

Бундан ташқари, университетимизнинг ташкил топган санасига бағишлаб университет ходим ва профессор ўқитувчилари ўртасида ўтказилган турли хил спорт мусобақаларининг ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Бугун залдан деярли барча ўз совғаси билан чиқди. Зеро, Наврўз тантаналари арафасида ташкиллаштирилган факультетлараро танловнинг турли номинациялардаги ғолиблари ҳам ўз совғаларини қўлга киритишди. Тантанали тақдирлаш маросимидан сўнг, Оғабек Собиров, Маҳмуд Номозов ва Воҳид Исоқов каби элимиз ардоғидаги санъаткорлар томошабинларни ўз ижролари билан хушнуд этдилар.Хуллас, бугун университетимизда ҳақиқий байрам бўлганлиги тадбир иштирокчиларининг юзидаги табассуму қўзидаги қувонч билан ҳам ўз исботини топиб турибди. Келинг, яхшиси, уларнинг бугунги шодиёнадан олган унутилмас таассуротлари билан ўртоқлашсак.

  

Камола Файзуллаева, Президент стипендианти, журналистика факультети 4 босқич талабаси: :

Бизнинг Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети илдизи улуғ, келажаги буюк маскан. Сабаби, университетимиз нафақат республикамизда, балки минтақамизда илк ташкил этилган олий таълим муассасасидир. Университетимизнинг профессор ўқитувчиларидан тортиб то талабаларигача игна билан қудуқ қазишдек машаққатли йўлдан бормоқдалар. Бугунги кунда мазкур олий даргоҳда 1112 дан зиёд профессор ўқитувчилар, жумладан, 8 нафар Ўзбекистон Фанлар академияси академиклари фаолият юритмоқда. 160 нафар фан докторлари ҳормай толмай таълим илмий тадқиқот шлари билан машғулдирлар. Бу фидои касб эгалари бўлмиш улуғ ва азиз устозларимиз университетимиз шуҳратини янада юқори марраларга олиб чиқмоқдалар. Сал кам бир аср умр кўрган университетимиз неча йиллардан буён мамлакатимиз ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Аминманки, университетимиз ўз фаолиятда мана шундай изчиллик билан давом этади ва буюк шахсларни кашф қилади. У биз каби талабаларнинг фахри, ифтихори, ғурури бўлиб қолади. Барчани университетимизнинг бугунги шодиёнаси билан табриклайман. Ушбу олий даргоҳнинг яна кўп йиллик тўйини биргаликда нишонлаш шарафи барчамизга насиб этсин!!!

Озодбек Қувондиқов, ижтимоий фанлар факультети 2 босқич талабаси :

Бир ниҳолнинг ҳар томонлама соғлом, чидамли бўлиб вояга етиши замирида қанчадан қанча меҳнат ётади. Бу машаққатли меҳнат боғбон учун оғир бўлмасин, охирида шунчалик тотли , ширин бўлади. Биз одамзод умрини дарахтга қиёслаймиз. Унинг гўдаклик чоғини ниҳолга. Боғбон ниҳолини меҳру муҳаббати билан зстирар экан, келгусида бу ниҳол азим чинорга айланиб, соясидан барчани баҳраманд қилади. Мен Ўзбекистон Миллий университетини энг буюк боғбон деб биламан. Чунки салкам бир асрлик фаолияти мобайнида неча ниҳоллар парваришлаб ўстирилди. Қанча ёшлар у туфайли ҳаётда ўз ўрнини топди. Бугунги ўтказилган тадбирлар эса университеимиз жамоасининг кўп йиллик меҳнатига муносиб рағбат бўлди, десам янглишмайман. Бугун биз талабаларнинг ҳақиқий байрами, зеро шндай олий даргоҳнинг талабаси деган шарафли номга сазовор бўлганимизнинг ўзи биз учун энг катта ютуқлардан бири. Жонажон университеимизнинг 97 йиллик шодиёнаси барчамизга муборак бўлсин!!!

 

 

Фазилат РАСУЛОВА,

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети

физика факультети талабаси