O'zMU » Yangiliklar » Адаб аҳлининг бир асрлик бешиги

Адаб аҳлининг бир асрлик бешиги

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети жамоаси ғоят хушнудлик, мамнуният билан кутиб олди. 

Қарорда, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда амалга ошириши зарур бўлган қатор вазифалар белгилангани айни муддао бўлганини алоҳида таъкидлаш лозим. 

ЎзМУ ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорликда мунтазам равишда адабий учрашувлар, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиб келмоқда. 

Шу ўринда давлатимиз раҳбарининг 2 апрель куни имзолаган “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорини ҳам эслаб ўтиш жоиз. Мазкур қарордаги “Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар тарихида янги давр бошланган ҳозирги пайтда Чингиз Айтматовнинг ўлмас бадиий мероси халқларимиз учун янада муҳим аҳамият касб этмоқда. Унинг гуманизм ва эзгулик ғояларини, миллий ва умумбашарий қадриятлар, турли миллатлар ва элатлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлашга қаратилган баркамол асарлари мамлакатимизда миллионлаб нусхаларда нашр этилмоқда. Ўзбекистон Миллий университетида ташкил этилган “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” доимий экспозицияси фаолият кўрсатмоқда” деган сатрлар университетимиз жамоасига ғурур бахш этади. 

Айни пайтда мазкур экспозиция адабиёт ихлосмандлари, китобсевар талабаларнинг севимли масканига айланиб қолган. Келгусида бу каби маърифатхоналар янада кўпайтирилиши режалаштирилган. 

Ўтаётган сермазмун кунларимиз тарих зарварақларига зарҳал ҳарфлар ила ёзилмоқда. Ўн йил бурун – ЎзМУнинг 90 йиллиги муносабати билан “Университет менинг ҳаётимда” деб номланган тўплам чоп этгандик. Ундан атоқли адиб ва шоирларнинг ҳам хотиралари, бадиа ва мақолалари ўрин олган. 

Уларни такрор ва такрор ўқир эканмиз, Президентимизнинг “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига пайваста туйғуларни ҳис этгандек бўламиз. 

Ҳурматли ўқувчиларимиз эътиборига ана шу хотиралардан айримларини ҳавола этишни лозим топдик. 

Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддиновнинг “Дорилфунун менинг тақдиримда” сарлавҳали мақоласида шундай сатрлар бор: 

“Баъзан назаримда шу дорилфунунда туғилиб кўз очгандек, атак-чечак юришни шу ерда ўргангандек, шу ерда балоғатга етгандек ва энг сўнгги маррага ҳам шу дорилфунун бағрида борадигандек сезаман ўзимни. Ҳар ҳолда, шуниси аниқки, мен бу ҳаётда нимага эришган бўлсам, ҳаммаси дорилфунун туфайли. Лекин қисмати дорилфунун билан чамбарчас боғланиб кетган одам бир менми? Менга ўхшаган ўн минглаб, балки юз минглаб одамларга дорилфунун чинакам оналик қилмадими? Қолаверса, бугун ўзбек халқининг XX асрдаги ҳаётида, қайта тикланишида, ривожида, миллат сифатида янги сифатлар касб этиб шаклланишида фавқулодда рол ўйнамадими?” 

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг “Олтин бешик” сарлавҳали бадиасидан бир олам завқ оласиз: 

“Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетимизни сўнгги юз йилликдаги илму маърифатимиз сарчашмаси ёхуд истеъдодларнинг олтин бешиги дейишимиз мумкин. Даставвал, университетимиз даргоҳидан неча ўнлаб институтлар учирма бўлганлиги жумла жаҳонга маълум. Бугунги кунда улар мустақил Ўзбекистонимиз тараққиётига камарбаста бўлаётган ёш мутахассисларни етиштириб бермоқда. Уларнинг сафида етук давлат ва жамоат арбоблари, атоқли олимлар борлигидан фахрланамиз. 

Университетимизни битирган хорижлик мутахассислар ҳам бисёрки, улар бу даргоҳнинг жаҳоншумул довруғидан дарак беради. 

Агар миллий адабиётимиз, маданиятимиз, санъатимиз намояндалари ҳақида гапирсак, уларнинг кўплари Миллий университетимизда таҳсил олиб, камолга етганлар. Шу ўринда биргина адабиёт соҳасига назар ташласак, университетимиз кўпгина атоқли адибларнинг ҳам ижодий парвозларига қанот бергани маълум бўлади. Бир-икки мисол келтириб ўтсак, миллий адабиётимиз намояндалари Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, қардош халқлар адабиёти вакиллари Мухтор Авезов, Хидир Деряев ва бошқа адибларнинг номларини ифтихор билан эслаймиз. Шунингдек, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Ўлмас Умарбеков, Саида Зуннунова, Эркин Воҳидов, Шукур Холмирзаев, Ўткир Ҳошимов ва бошқа кўпгина адиблар ҳам шу даргоҳда бадиий ижод илмини ўрганганлар”. 

Атоқли шоиримиз сўзига қуйидаги сатрлари ила якун ясайди:


Агар дафъатанда ўтларда ёнсам, 
Албатта ўртаниб сен ҳам ёнгайсан. 
Эзгулик йўлида магар қувонсам, 
Шубҳасиз энг аввал сен қувонгайсан. 
Демакки, падарсан менга меҳрибон, 
Демакки, онамсан, ёп-ёруғ куним. 
Мададим теголса сенга бирон он, 
Бахтли бўлар эдим, дорилфунуним. 

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг машҳур “Дорилфунунга” сарлавҳали шеъри ҳам мўътабар даргоҳимизга муносиб туҳфадир: 

Яна йигирмага – йигит ёшимга, 
Узоқ йиллар ўтиб қайтган бу куним. 
Таъзим қилиб келдим сенинг қошингга, 
Азизим, мунисим, дорилфунуним. 
Недирсан? Олисга ундаган садо, 
Ё олис йиллардан чорлаган уним. 
Сени соғинаман ва икки дунё 
Сенга интиламан, дорилфунуним. 
Болангман, бор ҳали ўзингга ҳамдам, 
Шўхлик, эркалигим, андак жунуним. 
Ким бўлсам, не бўлсам ва қайда бўлсам, 
Сен мени тергаб тур, дорилфунуним. 
Ҳаёт бешафқатдир, яшаш мураккаб, 
Ёзолмай гоҳ билга чўккан тугуним. 
Илтижо қиларман, бедор юракка 
Қудрат бер, ёшлигим – дорилфунуним. 
Ҳали бу оламга саволим кўпдир, 
Хаёлим қушида йўқ лаҳза қўним. 
Яна шамчироғинг керак бўлибдир, 
Йўлимни ёритгин, дорилфунуним. 
Шеъру ишқ, бахт, қувонч – дунё бири кам, 
Фақат эътиқодим – танҳо бутуним. 
Қалбим тубидаги энг ёруғ нуқтам- 
Сенга талпинаман, дорилфунуним. 
Эзгулик соғинчи ўртаб кўнглимни 
Бош уриб қошингга келган бу куним – 
Сидқимни қабул эт, тарк этма мени, 
Азизим, мунисим, дорилфунуним. 

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодировнинг “Тақдирнинг инъоми” сарлавҳали бадиасида битилган қуйидаги сатрларни ҳаяжонсиз ўқий олмайсан: 

“Уруш тугагач, ўқишга бўлган иштиёқ мени Тошкентга етаклади. ЎзМУ у даврда Ўрта Осиё давлат университети деб аталарди. Унинг биноси ҳозирги Амир Темур хиёбони ёнида (Юридик институти биносида) жойлашган эди. Мен тайёрлов бўлимини битирган пайтларимда шеър ёзиб, адабий машқлар қилиб юрардим. Филология факультетига ўқишга кириш иштиёқида эдим. Лекин бу факультетни битираётган дўстларимиздан бири – раҳматли Ғани Жаҳонгиров шундай деди: 

– Ўтган йили Шарқ факультети очилди. Бу жуда узоқни кўзлаб қилинган иш бўлди. Агар мен олдинроқ ўқишга кирмаганимда, шу факультетни танлаган бўлардим. 

Ҳақиқатан ҳам, кейин маълум бўлишича, бу факультет раҳматли Усмон Юсуповнинг ҳаракатлари билан узоқни кўзлаб очилган экан. Ўша кезлари Марказқўмда фан ва маданиятга мутасаддилик қилиб турган академик Ҳабиб Муҳаммедович Абдуллаев ҳам шарқшунослик факультетини очиш йўлида жуда кўп саъй-ҳаракатлар қилган экан. Уларнинг асл мақсади фондларда сақланаётган минглаб қўлёзмаларимизни ўқий оладиган ёшларни, шарқ мамлакатларида ишлайдиган кадрларни тайёрлаш бўлганини кейинроқ англаб етдик. 

Ҳаётимдаги энг унутилмас воқеалардан бири – “Студентлар” деб номланган ҳикоялар тўпламим 1950 йилда университетда таҳсил олиб юрган кезларимда чоп этилган. Унда шу даргоҳда таҳсил олаётган талабалар ҳаётини, уларнинг ички оламини бадиий бўёқларда акс эттиришга ҳаракат қилганман. 

Талабалик йиллари университет мен учун адабиёт эшикларини очиб берганини ҳаяжон билан эслайман. ўша дамлардан илҳомланиб ёзган “Уч илдиз” романида азиз устозларим ва тенгдошларим ҳаётини, уларнинг орзу-умидлари ва руҳий оламини тасвирлашга интилганман. Асар ҳақида ўз вақтида Мухтор Авезов, Абдулла Қаҳҳор, Иззат Султон, Константин Симонов, Л.Бать каби адиблар ва адабиётшунослар, қолаверса, кўпсонли китобхонларимиз билдиришган илиқ фикрлар ҳам аслида мана шу ўқув даргоҳимизга эҳтиром рамзи дегим келади! 

Устозларим орасида Абдураҳмон Ҳамроевнинг ўрни айрича эди. Бу киши Навоий ролини ўйнаган машҳур актёр Раззоқ Ҳамроевнинг акаси эди. Жуда ҳам ширали ва таъсирли овоз билан маъруза ўқир эди. Бироқ шўро мафкурачилари бу кишини анча қийнагани ёдимда. Буларнинг ҳаммасини кейинчалик мен, юқорида айтганимдек, "Уч илдиз" романида баҳоли қудрат кўрсатишга ҳаракат қилганман. Романда профессор Абдураҳмон Тошев иғвогарлар томонидан факультетдан қувилган. У киши раҳматлик Ойбек акани ҳам ёдга солади. Бу улуғ адибнинг ҳаётида ҳам шунга ўхшаш воқеалар юз бергани сир эмас. Ойбек аканинг насаблари Тошмуҳаммад эди-ку! 

"Қўшчинор" романини ёзгани учун раҳматли домламиз Абдулла Қаҳҳорга жуда адолатсиз ҳужумлар бўлган. У киши юрак хасталигига учраб, бир аҳволда ётганида борганман. Романда бу воқеани Темир Акбаров деган тарихчи домла тимсолида кўрсатганман. 

"Уч илдиз"нинг асосий қаҳрамонлари – бизнинг авлодга мансуб ёшлар, аниқроғи, шу университетимиз талабалари эди! Адолатпарвар, инсонпарвар руҳда ҳаётга кириб келаётган ёш зиёлиларни қўлимдан келганча ўзимизнинг авлод мисолида кўрсатишга ҳаракат қилганман. "Уч илдиз" номининг замирида учта маънавий илдиз ётибди: пухта билим олиш; инсонийлик – одамийлик касб этиш; шахсий ҳаётда камолотга эришиш, муҳаббатга асосланган оила қуриш. Ўйлайманки, жонажон университетимизнинг бугунги талабалари ҳам ҳаётга ана шундай катта-катта маънавий илдизлар отишга интилмоқдалар”. 

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг “Алломалар сув ичган дарё” сарлавҳали мақоласида шундай сатрлар бор: 

“Бир кун туз ичган жойга қирқ кун салом бер, дейдилар. Агар ҳисобни шундан бошласак, Миллий университетда беш йил ўқиган ҳар бир талаба бу мўътабар даргоҳга икки юз йил салом бериши керак бўлади. Бунинг устига ушбу илм масканида юз минглаб одам тахсил олган бўлса, ҳисоб-китобимиз миллионлардан ошиб кетади. Университет шундай улкан дарёки, унинг сувидан не-не алломалар, арбоблар, шоир ва адиблар сув ичган! 

Талабалар Ғулом Каримов, Субутой Долимов, Озод Шарафиддинов, Матёқиб Қўшжонов, Анвар Шомақсудов, Лазиз Қаюмов, Карим Назаров, Тўғон Эрназаров, Анвар Шомақсудов, Умарали Норматов, Абдуғафур Расулов, Воҳид Абдуллаев, Тоҳир Пидаев, Абдулла Сайфуддинов каби домлалар сабоғини эътибор билан тинглар, уларга ўхшашни орзу қилар эдик. Домлаларнинг дарс ўтиш усули ҳам, талабчанлиги ҳам ҳар хил, бироқ барчаси бирдек фидойи инсонлар эди. Айниқса Озод домланинг дарсига бошқа куллиётлар, ҳатто бошқа институтлардан ҳам талабалар кириб ўтирар эди. Озод ака ҳеч қандай дафтар, «шпаргалка» кўтариб юрмас, сабоғини шу қадар завқ ва ҳаяжон билан ўтар, фикри шу қадар равон, дарёдек қуюлиб келардики, хайрон қолардик”. 

Эътибор берган бўлсангиз, юқорида атоқли устозлар гўё ҳозир интервью бераётганга ўхшайди. Уларнинг руҳан барҳаётлиги ҳам шунда! Ижод аҳли ўлмас асарлари ила китобхонлар қалбида мангу яшашинг битта исботи шу. 

Адаб аҳлининг олтин бешигидан то абад ана шундай улуғ сиймолар, олим ва адиблар, етук мутахассислар етишиб чиқиб, юртимизга муносиб хизмат қилаверадилар. 

Президентимизнинг юқорида номлари қайд этилган қарорлари ана шундай улуғ ижодкорлар руҳини шод этиш баробарида бугунги қаламкашларга қанот бахш этмоқда. Тарихий ҳужжатларда белгиланган вазифаларни шараф билан адо этиш адабиёт ва маърифат карвонининг қадамлари янада залворли ҳамда бардавом бўлишига хизмат қилади. 

Тўлқин Эшбек,
ЎзМУ доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
uza.uz сайтидан олинди.