O'zMU » Yangiliklar » Халқаро Пресс-клубда “Маҳорат мактаби” ташкил этилди

Халқаро Пресс-клубда “Маҳорат мактаби” ташкил этилди

 

Бўлғуси журналистлар университетда назарий билимга эга бўлса, амалиёт сирларини асосан “Маҳорат мактаби”да ўрганадилар.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 7 августдаги “Оммавий ахборот воситалари соҳасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш давлат дастури тўғрисида”ги 163-сонли қарорида зиммамизга шундай вазифалар юклатилган:

тажрибали амалиётчи журналистлар, газеталар, журналлар, телевидение ва радиоэшиттириш таҳририятлари дизайнерлари раҳбарлигидаги «уста-синф»лар сонини кўпайтириш


“Журналистика факультетлари бакалавриати ва магистратураси талабалари орасидан номзодларни Ўзбекистон Республикасининг чет эллардаги ваколатхоналарида – элчихоналарнинг матбуот хизматларида, Ўзбекистон ахборот агентликларининг ўз мухбирларига ёрдамчи сифатида, бюджет маблағлари ва грантлар ҳисобига тажриба орттиришга юбориш учун танлаб олиш мезонларини ишлаб чиқиш ва танлаш сифатини ошириш” ва ҳоказо.

Бу вазифалар ижросини узлуксиз таъминламоқ зарур, албатта.

Яъни, республикамизнинг барча оммавий ахборт воситалари таҳририятлари ва ташкилотларнинг Ахборот хизматларида тажрибали амалиётчи журналистлар раҳбарлигида “Маҳорат мактаблари” ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини тобора такомиллаштириб бориш мақсадга мувофиқдир.


ЎзМУ Журналистика факультети Жамоатчилик билан алоқалар назарияси ва амалиёти кафедраси профессор-ўқитувчилари шу кунга қадар қатор вазирлик, ташкилот, муассаса, сиёсий партияларнинг Ахборот хизматлари мутасаддилари билан ҳамкорликда ана шундай “Маҳорат мактаблари” ташкил этган.

4-курс талабаларига “Ахборот хизматлари” фанидан сабоқ бераётган доцент Тўлқин Эшбек амалий машғулотларини ана шу “Маҳорат мактаблари”да ўтишга ҳаракат қилади. Бу ишда ўша Ахборот хизматлари масъул ходимлари яқиндан ёрдам беришади. Шу тариқа бўлғуси матбуот котиблари соҳа сирларини теран нигоҳ билан ўрганадилар.

Энг муҳими, мазкур Ахборот хизматлари мутасаддилари кўплаб ёш иқтидор эгаларининг билимлари, хатти-ҳаракатлари, қобилиятларини яқиндан ўрганган ҳолда уларни ишга таклиф этадилар.

Шуни фахр билан айтиш мумкинки, бугунги кунда республикамизнинг деарли барча ташкилотлари Ахборот хизматларида ЎзМУ Журналистика факультетидан етишиб чиқишган ёш мутахассислар фаолият кўрсатишмоқда!

Навбатдаги “Маҳорат мактаби” – пойтахтимиз Тошкентдаги Медиамарказда жойлашган Халқаро пресс-клубда ташкил этилди.


Халқаро пресс-клуб раҳбари, сиёсий фанлар номзоди, доцент Шерзодхон Қудратхўжаев Ахборот хизмати соҳасида ўзига хос маҳорат мактабини яратган, десак муболаға бўлмайди. Сўнгги 20 йил мобайнида у Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, Президент девони, Вазирлар Маҳкамаси Ахборот хизматларида катта тажриба орттирган. Унинг матбуот анжуманлари ташкил этиш ва телерадиода тўғридан-тўғри эфирларда ёритиш маҳоратидан бўлғуси матбуот котиблари албатта сабоқ олишлари даркор.

Умид қиламизки, Журфак талабалари Халқаро пресс-клубда Шерзодхон Қудратхўжаевнинг маҳорат мактабидан сабоқ олиб, матбуот анжуманлари, давра суҳбатлари ва уларни телерадиода тўғридан-тўғри эфирларда ёритиш амалиёти ҳамда маҳорат сирларини пухта ўзлаштирадилар.

Шуни мамнуният билан айтиш ўринлики, Журфак 4-курс талабаси Елена Чуянова ҳозирданоқ мазкур Халқаро пресс-клубда меҳнат фаолиятини бошлади!

Умид қиламизки, бу даргоҳда ЎзМУ Журналистика факультетини битираётган истеъдод соҳибларидан ҳали кўпчилиги Еленахон каби муносиб ўрниларини топадилар.

 

 

ЎзМУ Ахборот хизмати