O'zMU » Yangiliklar » Миллий университет меъмори

Миллий университет меъмори 

 

Ислом Каримов номи мамлакатимиз тарихи зарварақларига – “Ўзбекистон мустақиллигининг асосчиси” деган шарафли сўзлар билан битилган.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Ислом Каримов – мустақил Ўзбекистон асосчиси” мавзуида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда ЎзМУ биринчи проректори Давлатбой Жумабоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Турсунпўлат Норбоев, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов номидаги Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси бош илмий ходими Ваҳоб Қўчқоров ва бошқалар давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги ҳамда 2017 йил 27 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорлари ижроси доирасида ташкил этилган маънавий-маърифий тадбирлар талаба-ёшлар учун катта сабоқ бўлишини алоҳида таъкидладилар.


– Биринчи Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистон мустақиллигини эълон қилган ондан то умрининг охиригача мамлакатимизнинг равнақ топиши, аҳоли фаровонлиги ва тинчлигини таъминлашда беқиёс ишларни амалга оширди,– деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси масъул ходими Бахтиёр Ҳайдаров.– Бу улуғ сиймо ҳаёти ва фаолиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида Ёзувчилар уюшмаси “Ёди ҳамиша ёдда” деб номланган бадиий-публицистик мақолалар, суҳбатлар, эътирофлар, шеърлар тўпламини “Маънавият” нашриёти орқали чоп этди. Китобда “Миллий университет меъмори” сарлавҳали мақолада Биринчи Президентимизнинг мана шу даргоҳда амалга оширган улуғвор ишлари ёрқин акс эттирилган.

Мазкур мақолада қайд этилишича, мамлакатимизда “Карвонбоши университет” дея таърифланган Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети юртимиз мустақиллиги йилларида том маънода янгидан чирой очди. Унинг бош меъмори Биринчи Президентимиз Ислом Каримов бўлганини университет жамоаси ҳамиша эҳтиром ила эътироф этади.

1918 йил 12 майда ташкил этилган бу олий таълим муассаси қатор йиллар турли номлар билан аталган. Яъни, 1918 йилда Мусулмон халқ дорилфунуни, 1918-1919 йилларда Туркистон халқ университети, 1919-1923 йилларда Туркистон Давлат университети, 1923-1960 йилларда Ўрта Осиё давлат университети, 1960-2000 йилларда Тошкент Давлат университети деб юритилган.


Биринчи Президентимиз ташаббуси билан 1995 йил 14 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент Давлат университетига Мирзо Улуғбек номини бериш тўғрисида”ги Қарори эълон қилинди. Мазкур Қарорга биноан Тошкент Давлат университетига Шарқнинг буюк олими ва мутафаккири Мирзо Улуғбек (Муҳаммад Тарағай Улуғбек) номи берилган.

Собиқ мустабид тузум даврида узоқ йиллар Лениннинг номи билан аталган университет буюк аждодимиз Мирзо Улуғбек номини олиши замирида оламча маъно мужассам. Бу кўҳна тарихимиз, улуғ аждодлардан қолган бебаҳо мерослар, илм-у маърифатга нисбатан адолатнинг тикланиши, бу борадаги асл қадриятлар том маънода қадр топиши эди.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2000 йил 28 январдаги “Тошкент Давлат университетига “Ўзбекистон Миллий унверситети” мақомини бериш тўғрисида”ги Фармони билан бу ўқув даргоҳи “Миллий университет” мақомига эга бўлди. Шундан буён бу олий таълим муассаси Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети деб аталмоқда!

Ана шу тарихий Фармонда, Ватан ва миллат тараққиёти йўлида фидойилик кўрсатган жадид зиёлиларимизнинг буюк хизматларини эътироф этиш, тарихий ҳақиқатни тиклаш, ёшлар қалбида истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини тарбиялаш, умуминсоний ва миллий илм-фан қадриятларини авлодлар онгига теран сингдириш, Тошкент Давлат университетининг азалий юксак мавқеини ўз жойига қўйиш, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Собиқ мустабид тузум даврида бу университет “доҳий Ленин имзо чеккан декрет”га биноан барпо этилган деган сохта гаплар айтилган бўлса, Биринчи Президентимизнинг тарихий Фармонида, Ватан ва миллат тараққиёти йўлида фидойилик кўрсатган жадид зиёлиларимизнинг буюк хизматларини эътироф этилган, тарихий ҳақиқатни тиклаш йўлида залворли қадамлар ташланган!

Мазкур Фармонда, ёшлар қалбида истиқлол ғояларига садоқат, ватанпарварлик ва фидойилик туйғуларини камол топтириш, уларни мустабид тузум йилларида қатағон қилинган фидойи ватандошларимиз хотирасига ҳурмат-эҳтиром руҳида тарбиялаш, халқимизнинг беқиёс илмий-маданий меросини чуқур ўрганиш, жамиятнинг илмий-маданий салоҳиятини юксалтириш, аҳоли ўртасида илмий қадриятларни тарғиб қилиш, ёшларнинг маънавий-маърифий савиясини ошириш, миллий университет таълим тизимини илғор илм-фан ютуқлари асосида такомиллаштириш, мамлакатимиздаги барча университетлар учун ўқув, илмий-услубий, маънавий-маърифий масалалар юзасидан таянч ҳамда етакчи олий таълим муассасаси сифатида фаолият кўрсатишига эришиш, жаҳон андозаларига мос фундаментал тадқиқотлар олиб бориш, фаннинг муҳим соҳалари бўйича янги илмий мактабларни шакллантириш ва улар фаолиятининг давомийлигини таъминлаш, ривожланган мамлакатларнинг университетлари билан илм-фан ва олий таълим соҳасида ўзаро тенг манфаатли ҳамкорликни янада кенг йўлга қўйиш вазифалари ҳам белгиланган.


Бу улкан вазифалар тўлақонли амалга оширилишида Биринчи Президентимизнинг ташаббуслари ва саъй-ҳаракатлари салмоқли бўлган. Аввало, мамлакатимизда барча олий таълим муассасалари қатори ЎзМУнинг ҳам моддий-техник базасини мустаҳкамлашга, кадрлар салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Шу аснода Миллий университет базасида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг намунавий деканат, намунавий кафедра, намунавий ўқув заллари яратилди.

Миллий университет меъморининг бу қутлуғ даргоҳга ҳар гал ташрифи унутилмас воқеликка айланар эди. Зотан, Биринчи Президентимиз ташаббуси билан “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси том маънода янгидан чирой очди. “Ёшлик” талабалар шаҳарчасида Маънавият ва маърифат маркази, Сув спорти саройи, “Келажак овози” ёшлар ташаббуслари маркази қад ростлади. Шу ҳудуддаги равон йўллар, ҳамиша серқатнов йўлаклар, боғлар ва хиёбонлар замон талаблари даражасида қайта бунёд этилди, таъмирланди. Йўл ва йўлаклар бўйлари манзарали дарахтлар ҳамда гулларга бурканди. Сўнгги йилларда қатор ошхоналар, савдо шахобчалари, бозор ва дўконлар замон талабларига мос равишда қайта бунёд этилди.


Давлат раҳбарини юзма-юз кўриш, суҳбатларидан баҳраманд бўлиш ҳар бир фуқаро, айниқса ёш йигит-қизлар учун катта шараф. ЎзМУ талабалари ўтган йиллар мобайнида бундай бахтга бир неча марта мушарраф бўлдилар. Ислом Каримов “Ёшлик” шаҳарчасига ташриф буюрар эканлар, аввало талаба-ёшлар билан бирма-бир қўл бериб, меҳр билан сўрашар ва дилдан суҳбатлашарди. Ёшлар қалбида бир умрга муҳрланиб қолган ана шу бетакрор учрашувлар ўз вақтида оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилган. Давлат раҳбари билан эсдаликка тушилган суратлар чиройли баннерларда катта йўл бўйларига, жамоат жойларига ўрнатиб қўйилган. Бу билан Биринчи Президентимиз нафақат Миллий университет, шу билан бир қаторда кўплаб йигит-қизларнинг ҳам қалб меъморига айланди!

Шуни фахр билан айтиш жоизки, Биринчи Президентимизнинг оталарча ғамхўрлигидан баҳраманд бўлган талабаларимиздан 25 нафари Президент стипендианти, 25 нафардан зиёди Мирзо Улуғбек номидаги ва 30 нафардан зиёди Алишер Навоий номидаги давлат стипендиялари соҳиби бўлганлар. Университетда “ЎзМУ стипендияси” ҳамда ҳаёти давомида шу ўқув даргоҳида ёрқин из қолдиришган атоқли олимлар – Тошмуҳаммад Саримсоқов, Обид Содиқов, Саъди Сирожиддинов, Содиқ Азимов, Убай Орипов, Ҳабиб Абдуллаев, Ғулом Каримов, Иброҳим Мўминов номидаги стипендиялар ташкил этилган.

Шу билан бир қаторда ўнлаб иқтидорли талабалар халқаро фан олимпиадалари, спорт мусобақалари ғолиблари сифатида дунёга донг таратдилар!

Улкан илмий салоҳиятга эга бўлган ЎзМУ республика олий таълим тизимининг таянч олий ўқув юртига айланди. Унда барча олий мактаблар учун бакалавр босқичининг кўплаб йўналиши ва магистратура босқичининг қатор йўналишлари бўйича Давлат таълим стандартлари, ўқув режалари ва ўқув дастурлари тайёрланиб, таълим жараёнига татбиқ этилди.

Миллий университет кадрлар салоҳиятини бу қутлуғ даргоҳдан етишиб чиққан олимлардан ҳам билса бўлади. Ўтган йиллар мобайнида бу ўқув масканида таҳсил олган атоқли олимлардан 106 нафари академик даражасига эришганлар. Улардан 23 нафари Ўзбекистон Фанлар академияси президенти ва вице-президентлари бўлганлар. Олима аёллардан 120 дан ортиғи фан доктори ва профессор илмий унвонларини олганлар.

Университетда таҳсил олган зиёлилардан Озод Шарафиддинов, Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповлар Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига, шунингдек, кўплаб профессор-ўқитувчилар Ўзбекистон Республикаси Фан арбоби, “Буюк хизматлари учун” ордени ва бошқа унвонларга сазовор бўлганлар.

Замонавий технологиялар билан жиҳозланган университет Ахборот ресурс марказида интернет тизимига уланган юзлаб компьютерлар хизмати ташкил этилган. Кутубхона фонди 3 миллиондан ортиқ адабиётларга эга. Мустақиллик йилларида чоп этилган ўқув адабиётларининг электрон нусхалари тайёрланиб, университетда жорий қилинган локал тармоқ тизимига узатилади. Бундан ташқари ҳар бир факультетда ўқув хоналари, кутубхоналар замон талабларига мос равишда жиҳозлантирилган.

Маърифат бўстонида фидойи олимларнинг ўз илмий мактабларини яратишлари ғоят муҳим жараён ҳисобланади. Илмий мактаб тушунчаси жуда кенг мазмун ва маънога эга. Уни умумилмий дунёқарашга эга бўлган, фанда бирор илмий назарияларга, ғояларга таянган аниқ илмий мақсадлар йўлида тадқиқотлар олиб борувчи олиму мутахассисларнинг ўзаро ҳамкорликда илмий фаолият юритувчи ижтимоий-ижодий уюшмаси, дейиш мумкин. Илмий мактабнинг ҳудудий чегараси унинг ўзидан бошланиб, бир ва бир неча мамлакатлар, ҳатто дунё бўйлаб ёйилиши табиий бир ҳолдир. Илмий мактабларни илм-фанга ўзларини бахшида этган заҳматкаш, алоҳида қобилият ва иқтидорга эга бўлган олимларгина яратади. Фанда мактаб яратиш буюк аждодларимиздан меросдир. Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби ўнлаб даҳо бобокалонларимиздан мерос қолган илмий мактаблар бугунги кунда ҳам бутун дунё илм аҳли учун жуда қадрлидир. Оққан дарё оққани каби бу анъана ЎзМУ олимлари томонидан изчил давом эттирилмоқда. Зеро, турли даврларда олимлар ўзларининг илмий мактабларини яратганлар. Ўтган йиллар мобайнида, университет олимлари томонидан яратилган 50 га яқин ана шундай илмий мактаблар жаҳон илм аҳли томонидан эътироф этилган. Мазкур илмий мактаблар бугунги техник тараққиётимизнинг ҳам пойдевори ҳисобланади. Зеро, улар бугун ҳам турли фанлар ривожига баракали ҳисса қўшаётгани эътиборга моликдир.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти 2008 йил 9 апрелдаги “Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг 90 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги Қарорига биноан бу ўқув даргоҳининг юбилейи катта тантаналар билан нишонланди.

Шу муносабат билан “Мамлакатимиз олий таълим тизими ва илм-фани ривожида Ўзбекистон Миллий университетининг роли” мавзусида катта халқаро илмий конференция ўтказилди. Унда турли муассасалар масъул ходимлари, мамлакатимиз олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари билан бир қаторда, Россия, АҚШ, Германия, Польша, Чехия, Украина, Қозоғистон каби 20 га яқин давлатлардан ташриф буюрган таниқли олимлар иштирок этдилар.

Мазкур анжуман муносабати билан 200 дан ортиқ иштирокчи олимлар ва тадқиқотчиларнинг илмий маърузалари ўзбек, рус ва инглиз тилларида алоҳида тўплам ҳолида чоп этилди. Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи “Мўътабар зиё маскани (1918-2008)”, “Ўқитувчи” нашриёт-матбаа ижодий уйи “Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг Илмий мактаблари”, “Ўзбекистон” нашриёти “Университет – менинг ҳаётимда” деб номланган китобларни чоп этдилар.

Хотима ўрнида айтиш жоизки, Миллий университет меъмори Ислом Каримовнинг қуйидаги табриги бу қутлуғ даргоҳга бўлган қалб сўзларининг ёрқин ифодасидир, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз:

«МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИНИНГ ПРОФЕССОР-ЎҚИТУВЧИЛАРИ ВА ТАЛАБАЛАРИГА, БУТУН ЖАМОАСИГА

Қадрли дўстлар!

Авваламбор, сиз, азизларни мамлакатимизда ва бутун Ўрта Осиё минтақасида энг нуфузли ва етакчи олий ўқув юртларидан бири бўлган Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг ташкил топганига 90 йил тўлиши муносабати билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Ўзбекистон Миллий университетининг Ватанимиз тарихи ва тараққиётидаги алоҳида ўрни ва мавқеини, унинг нафақат республикамизда, балки минтақамизда ҳам биринчи замонавий олий таълим муассасаси сифатидаги беқиёс аҳамиятини халқимиз, жамоатчилигимиз яхши билади ва юксак қадрлайди.

Бу мўътабар олий ўқув даргоҳининг ўтган асрнинг 18-йилида «Туркистон мусулмонлари халқ дорилфунуни», 20-йилда «Туркистон давлат университети», 23-йилда «Ўрта Осиё давлат университети», 60-йилга келиб «Тошкент давлат университети» деб аталгани ва ниҳоят, 2000 йили «Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети» деган юксак ном олгани унинг узоқ ва давомли, шу билан бирга, шарафли тарихий йўлни босиб ўтганидан далолат беради.

Ҳеч шубҳасиз, бу, ўз навбатида, университетнинг ҳаёти Ўзбекистон ҳаёти билан узлуксиз ва чамбарчас боғланиб кетганини, Ватанимиз қандай машаққатли ўсиш ва юксалиш жараёнларини бошидан кечирган бўлса, уларнинг барчаси ушбу билим даргоҳи тимсолида акс этганини кўрсатади ва бу бетакрор фан ўчоғи, таълим масканига нисбатан чуқур ҳурмат ва эҳтиром уйғотади.

Бугун университетнинг қутлуғ тўйини кенг нишонлар эканмиз, унинг узоқ йиллар мобайнида юртимиз ва қўшни давлатларни юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, Ўрта Осиёдаги кўплаб олий ўқув юртлари ва илмий тадқиқод муассасаларини шакллантиришга қўшган улкан ҳиссаси, ҳозирги вақтда мамлакатимиздаги барча университетлар учун ҳар томонлама таянч маскани бўлиб келаётганини таъкидлашимиз табиийдир.

Мана шундай қувончли кунда барчамиз бундан 90 йил муқаддам, ўта оғир, қалтис ва мураккаб бир даврда университетнинг тамал тошини қўйган буюк маърифатпарвар боболаримизнинг муборак номларини миннатдорлик билан эсга оламиз, уларнинг маънавий жасорати, руҳи поклари олдида бош эгиб таъзим қиламиз.

Миллий университетимизни бугунги юксак даражага кўтаришда катта хизмат қилган атоқли илм-фан намояндаларининг, миллионлаб ёшларга таълим ва инсонийлик сабоғини берган заҳматкаш устозларнинг хотирасини ҳурмат ва эҳтиром билан ёд этамиз.

Ҳозирги кунда ҳаётимизнинг қайси соҳаси ва тармоғини олмайлик — бу давлат ва жамият қурилиши ёки иқтисодиёт бўладими, илм-фан ёки маданият ривожи бўладими — буларнинг барчасида мана шу олий ўқув юртида камолга етган минг-минглаб инсонлар ўзининг фидокорона меҳнати билан мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётганини кўп-кўп мисолларда яққол кўриш мумкин.

Бу ерда фаннинг муҳим соҳалари, хусусан, математика, физика, биология, кимё, геология ва бошқа замонавий тармоқлар бўйича шаклланган илмий мактабларнинг фаолияти халқаро илмий жамоатчилик томонидан кенг эътироф этилгани ва бундай изланишлар бугун ҳам изчил давом эттирилаётгани, айниқса, эътиборга сазовордир.

Кейинги йилларда бу масканда бугунги тараққиётимиз учун устувор аҳамиятга эга бўлган биоинформатика, генетика, ахборот-коммуникация технологиялари, компьютер лингвистикаси, экология, социология, сиёсатшунослик каби бир қанча янги йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилгани университетнинг салоҳият ва имкониятлари тобора юксалиб бораётганини кўрсатади.

Бугун Ватанимиз олдида турган ҳеч кимдан кам бўлмайдиган озод ва обод, демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуриш билан боғлиқ устувор масалани ҳал этишга қодир бўлган янги авлодни тарбиялашда Миллий университетимизнинг зиммасига юклатилган вазифа нақадар масъулиятли эканини, ўйлайманки, ҳаммамиз яхши англаймиз.

Миқёси ва аҳамиятини ўлчаш қийин бўлган бундай юксак мақсадларни амалга ошириш барчамиз, авваламбор, университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, талаба ёшлар, унинг кўп миллатли жамоаси олдига, табиийки, ўта муҳим ва долзарб вазифаларни қўяди. Бу борада давлатимиз ва жамиятимиз ёрдамига суяниб, университетнинг ўқув ва илмий салоҳиятини, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларнинг замон талаб қиладиган стандарт ва андозаларга жавоб беришига эришиш, Талабалар шаҳарчасини янада обод этиш, ёшларнинг билим ва таълим олиши, маънавий юксалиши, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши учун барча шароитларни яратиб бериш алоҳида аҳамият касб этади.

Шу ўринда бугунги давр билан ҳамоҳанг бўлиб яшаш, доимо янгиликка интилиш, тараққий топган давлатлардаги олий ўқув юртлари ва халқаро илмий марказлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш биз ўз олдимизга қўйган эзгу мақсадларга эришишда ишончли замин бўлади, деб умид қиламан.

Фурсатдан фойдаланиб, сизларнинг олдингизда турган яна бир муҳим вазифани унутмасликка барчангизни даъват этмоқчиман: Ўзбекистон Миллий университети қарийб бир асрлик тарихимиз давомида илму фан, таълим-тарбия ва маърифат бешиги бўлиб, бугун мамлакатимизда тобора юксалиб бораётган олий ўқув юртларига етакчи бўлиб, раҳнамо бўлиб келган ва сиз, азизлар бундан кейин ҳам бундай масъулиятли вазифани шараф билан адо этасизлар, деб ишонаман.

Сизларни, сизлар орқали бутун юртимиз маърифат аҳлини бугунги қутлуғ сана билан яна бир бор табриклар эканман, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, ишларингизда янги-янги муваффақиятлар тилайман.

 

Ислом КАРИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти 

2008 йил 27 сентябрь»

Хотира абадий, деганлари шу бўлса керак. Бир пайтлар Ислом Каримов ЎзМУни – мамлакатимизда карвонбоши университет, деб таърифлаган бўлса, энди то абад илмий жамоатчилигимиз, талаба-ёшларимиз шу улуғ сиймони ҳақли равишда – Миллий университет меъмори, дея ардоқлайверади.

Юртимиз мустақиллиги асосчиси, Биринчи Президентимиз таваллудининг 80 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар бир ҳафта мобайнида ЎзМУнинг барча факультетларида, талабалар турар-жойларида юксак савияда ўтказилди. Мазкур тадбирларда намойиш этилган “Ўзбекистон мустақиллигининг асосчиси” номли ҳужжатли фильм талабаларда катта таассурот қолдирди.

 

Носир ШЕРБОЙ,

 

ЎзМУ газетаси мухбири