O'zMU » Yangiliklar » Талабаликка бағишлов

Инсон умрининг энг унутилмас онлари талабалик даврига тўғри келади, деган фикр замирида улкан маъно мужассам.

Атоқли адиб Пиримқул Қодировнинг машҳур “Уч илдиз” романи асосий ғояси: инсон талабалик даврида ҳаётга учта маънавий илдиз отмоғи лозим, яъни, ҳақиқий инсон бўлиш, пухта билим эгаллаш ва севгига садоқат руҳида камол топиш!

Ана шундай бахтга мушарраф бўлган ёшларга ҳавас қилса арзийди.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетига ўқишга қабул қилинган талабалар учун ҳар йили “Талабаликка бағишлов” деб номланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилиши ўзига хос анъанага айланиб қолган.

Бу йилги тадбир янада кўтаринки руҳда ўтди.

ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов талабалик бахтига мушарраф бўлишган бахтиёр ёшларга университетнинг рамзий калити, “Талабалик гувоҳномаси” ва “Рейтинг дафтарчаси”ни тантанали равишда топширар экан, уларга аъло баҳога ўқишлари, муносиб инсон бўлиб камолга етишларида муваффақиятлар тилади.

Ўзбекистон Миллий университети билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ўртасида талаба-ёшларни она Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, китобхонлик маданиятини ошириш ишларини ҳамкорликда изчил давом эттириш юзасидан Меморандум имзоланган.

Навбатдаги ана шундай Меморандум Ўзбекистон Маънавият ва маърифат маркази билан ҳам имзоланди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али, республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Алишер Қодиров ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ҳар бир маърузасида, халқ билан самимий мулоқотларида айниқса, ёшларни китоб ўқишга даъват этиши, мамлакатимизда китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган қарорлар, дастурлар қабул қилинаётгани ва уларни изчил амалга ошириш – энг эзгу мақсадларга хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар.

Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг Ватан ва ёшликни тараннум этувчи шеърлари талабаларда катта таассурот қолдирди. Таниқли санъаткорларнинг дилрабо куй-қўшиқлари даврага янада файз киритди.

 

ЎзМУ Ахборот хизмати