Физика факультети

декан Далиев Хожакбар Султанович
манзил 100174, Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Университет кўчаси 4-уй
хона -
телефон (0 371) 246-08-94
факс (0 371) 246-08-94
e-mail dalievkhs@yandex.ru


Университет ташкил этилган дастлабки йиллардаёқ физика фанини ўрганишга асос солинган бўлиб, физика-математика факультети таркибида физика, астрономия, механика, геофизика йўналишларида талабаларга таълими бўйича таҳсил бериш билан бир қаторда физиканинг турли соҳаларида илмий-тадқиқот ишлари олиб борилган. Ўрта Осий Давлат университети ректорининг 1959 йил 20 июндаги 276-сонли буйруғига асосан физика-математика факультети иккита алоҳида факультетга ажралиб, физика факультети мустақил фаолият кўрсата бошлади.

Физика факультетининг ҳозирги истиқболида унга раҳбарлик қилган таниқли олим ва мутахассисларнинг меҳнатлари беқиёсдир. Булар факультет деканлари: проф. В.А.Джорджио (1959-1964), доц. Б.Г.Смирнов (1964-1967), проф. Р.Х.Маллин (1967-1972), акад. А.А.Абдураззаков (1972-1980), доц. А.А.Адилов (1980-1991), акад. К.М. Мукимов (1991-1992), акад. С.З. Зайнобиддинов (1992-1996), проф. А.Т. Мирзаев (1996-1997), доц. А.С.Рахматов (1997-2004), проф.О.О.Маматкаримов (2004-2009), доц.Б.Х.Эшчанов (2009-2014), доц.И.У.Таджибаев (2014-2015) ва проф. Х.С.Далиев (2015 йилдан ҳ.в.).

Физика факультетида фаолият кўрсатган таниқли олимлар акад. С.А. Азимов – ядро физикаси ва космик нурлар физикаси; акад. У.О.Орипов – физикавий электроника, проф. В.А.Джорджио – Атмосфера физикаси, акад. П.К. Хабибуллаев, доц. Б.М.Носенко - оптика ва спектроскопия, проф. Э.Н. Назиров - физикани ўқитиш услуби ва тарихи, акад. М.М.Мусаханов - назарий физика, проф.А.Т.Тешабаев, акад. С.З.Зайнабидинов – яримўтказгичлар физикаси, акад.С.Р.Рашидова - полимерлар физикаси, проф. А.Т.Мирзаев – квант радиофизикаси, проф.С.Н.Нуритдинов - астрономия ва астрофизика соҳаларида ўзига хос илмий мактабларини яратганлар.

Факультетда 73 нафар профессор-ўқитувчилари, шу жумладан, 4 нафар Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиклари, 19 нафар фан доктори ва профессорлар, 39 нафар фан номзодлари ва доцентлар жалб этилган. Айни пайтда факультетда 2 та таълим йўналишида бакалавр ва 7 та мутахассислик бўйича магистр тайёрланмоқда. Бундан ташқари факультетда DSc ва PhD докторантуралари мавжуд.

Талабалар ўқув, малакавий амалиётларни ва магистрлик диссертациялари ҳамда битирув малакавий ишларини бажаришни юқори савияда ташкил қилиш мақсадида улар мунтазам равишда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Ион плазмали ва лазерли технологоялар институти, Астрономия институти, Ядро физикаси институти, “Физика Қуёш” ИИЧБ Физика-техника институти, Полимерлар физикаси ва кимёси институти ва Фанлар Академиясининг бошқа тармоқ институтлари ҳамда “Фотон” ва “Фонон” махсус конструкторлик бюросининг замонавий моддий-техника базаларига эга бўлган илмий лабораторияларга юборилмоқдалар.

Физика факультети ахборот ресурс маркази 100000 дан зиёд адабиётлар фондига эга бўлиб, бугунги кун талабларидан келиб чиқиб жиҳозланган. 80 ўринли ўқув зали ва журналларнинг “Очиқ фонди” ташкил этилган. Факультет профессор-ўқитувчилари томонидан 400 дан ортиқ ўқув адабиётлари, 50 га яқин янги лаборатория ишлари яратилиб, ўқув жараёнида фойдаланилаяпти.

Факультетда илмий-тадқиқот ишларини ташкиллаштириш ва олиб бориш юқори савияда йўлга қўйилган. Кейинги беш йил мобайнида халқаро ва республика миқёсида грантлар танловларида иштирок этиш кескин кўпайди. Физика факультети профессор-ўқитувчилар томонидан 10 дан зиёд халқаро ва республика миқёсидаги грант, илмий мавзу ва хўжалик шартномалари бажарилмоқда.

Бугунги кунда факультет жамоаси хорижий мамлакатларнинг жуда кўплаб университет ва институтлари билан ҳамкорликда ишлар олиб бормоқда. Жумладан, Украинанинг Киев Миллий университети, Харьков университети, Харьков физика институти, Россиянинг Санкт-Петербург Оптика ва Механика университети, Жанубий Кореянинг Пусан университети ва Чунхай Миллий университети, Германиянинг Потсдам университети, Белград Астрономия обсерваторияси ва Радиоастрономия институти, Москва Давлат университети, Москва вилоятининг Дубна шаҳридаги халқаро Бирлашган Ядро тадқиқот институти (БЯТИ), Германиянинг Майнс, Берн университетлари, Москва энергетика институти, А.Ф. Иоффе номидаги Физика-техника институти (Санкт-Петербург), Материалшунослик муаммолари институти (Украина), Физика ва химия институти (Урумчи, Хитой) каби етакчи институт ва университетлар олимлари билан ўқув-услубий, илмий-тадқиқот соҳаларда ҳамкорлик қилинмоқда.

Физика факультетининг битирувчи мутахассисларига истеъмолчиларда талаб катта бўлиб, уларнинг кўпчилиги Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг институтларида, тиббий-диагностика марказларида, Мудофаа вазирлигига тегишли ташкилотларда, Марказий геология лабораторияларида, Олий ўқув юртларида, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ҳамда халқ хўжалиги корхоналарида фаолият кўрсатмоқдалар.